EDIT MAKTAB

Ta'lim xizmatlari shartnomasi

Shartnomani diqqat bilan o'qib chiqing, so'ng ma'lumotlaringizni to'ldirib imzolang

ШАРТНОМА

«Видеомонтаж» ўқув курси бўйича пуллик таълим хизматларини кўрсатиш тўғрисида
Тошкент ш. —

«Edit Maktab» МЧЖ, Устав асосида фаолият юритувчи, директор Султонов Азизбек Улуғбек ўғли номидан ҳаракат қилувчи (кейинчалик — «Ижрочи»), бир томондан, ва онлайн курс учун тўловни амалга оширган жисмоний шахс (кейинчалик — «Ўқувчи»), иккинчи томондан, биргаликда «Тарафлар» деб юритилади.

Ўқувчи томонидан курс учун тўлов амалга оширилиши мазкур оммавий оферта шартларини тўлиқ қабул қилганликни англатади ва ушбу шартнома тузилган деб ҳисобланади.

1. ШАРТНОМА ПРЕДМЕТИ

1.1. Ижрочи Ўқувчига видеомонтаж курси бўйича пуллик таълим хизматларини (кейинчалик — «Ўқув курслари») кўрсатиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Ўқувчи эса ушбу Шартнома шартларига мувофиқ тўловларни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

1.2. Ўқув курслари онлайн шаклда амалга оширилади. Ижрочи Ўқувчига ўқув курси доирасида дарс машғулотларини ўзлаштириш учун махсус платформага кириш ҳуқуқини тақдим этади.

1.3. Платформага кириш ҳуқуқи фақат Ўқувчига берилади. Ўқувчи ушбу Шартнома доирасида Платформадан фойдаланиш ҳуқуқини учинчи шахсларга ўтказишга ёки қайта сотишга ҳақли эмас.

1.4. Платформа, шунингдек унда жойлаштирилган фото ва видеоматериаллар, шу жумладан барча интеллектуал ишланмалар, ғоялар ва бошқа номоддий объектларга бўлган мутлақ ҳуқуқлар Ижрочига тегишли ҳисобланади. Ўқувчи мазкур материалларни учинчи шахсларга тақдим этиш, тарқатиш ёки сотиш ҳуқуқига эга эмас.

2. ШАРТНОМА БЎЙИЧА ТЎЛОВЛАР

2.1. Ушбу Шартнома бўйича барча тўловлар Ижрочининг ҳисоб рақамига пул маблағларини ўтказиш орқали, нақд ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширилади.

2.2. Ўқув курсларининг умумий нархи 6 000 000 (олти миллион) сўмни ташкил этади.

2.3. Тўловлар Ўқувчи томонидан тўлиқ олдиндан ёки белгиланган жадвал асосида қисмларга бўлиб, «Uzum Nasiya» ёки «Paylater» муддатли тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши мумкин.

2.4. Ўқувчи курс учун тўловни амалга оширган пайтдан бошлаб ушбу Шартнома кучга киради ва Ўқувчи Шартнома шартларига тўлиқ рози бўлган ҳисобланади. Ижрочи Шартнома бўйича тўлов ўз ҳисоб рақамига келиб тушгандан сўнг мазкур Шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни бошлайди.

2.5. Ўқув курси бошланганидан сўнг, Ўқувчи курснинг олиб борилиши, тақдим этилаётган маълумотлар ёки ўқув курси сифати бўйича норози бўлган тақдирда, учинчи дарсга қадар ёки курс бошланган кундан эътиборан 7 (етти) календарь кун ичида ўз эътирозларини билдириб, амалга оширилган тўловни қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Платформада тўртинчи дарс очилганидан ёки 7 (етти) календарь кун ўтганидан сўнг Ўқувчи мазкур Шартнома бўйича тўловларни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

3. ТАРАФЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

3.1. Ижрочи қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

3.1.1. Ўқувчи томонидан ушбу Шартнома шартларига мувофиқ тўлов амалга оширилганидан сўнг, Ўқувчига платформага кириш учун логин ва пароль тақдим этиш ҳамда платформага 6 (олти) ой муддатга кириш ҳуқуқини таъминлаш;

3.1.2. Ўқув курси давомида платформада юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ёки носозликлар ҳақида Ўқувчини хабардор қилиш ва ушбу муаммоларни энг кўпи билан 3 (уч) иш куни ичида бартараф этиш;

3.1.3. Ўқув курси якуни бўйича Ўқувчига сертификат тақдим этиш;

3.1.4. Ўқувчига 3 (уч) ой муддатга 2 (икки) нафар ёрдамчи устоз бириктириш ҳамда мазкур устозлар томонидан душанба кунидан якшанба кунига қадар, ҳар куни соат 10:00 дан 20:00 гача Ўқувчининг видеомонтаж касбини ўзлаштириш жараёнида юзага келадиган саволларига жавоб бериш ва тушунтиришлар тақдим этиш;

3.1.5. Ўқувчини монтажёрлар учун мўлжалланган ёпиқ комьюнитига аъзо қилиш;

3.1.6. Ўқув курси якунида Ўқувчига иш таклифи тақдим этиш (мазкур Шартноманинг 3.2.5-бандида назарда тутилган шартлар бажарилган тақдирда). Агар мазкур мажбурият Ижрочи томонидан бажарилмаса, Ўқувчи томонидан амалга оширилган тўлов 100 (юз) фоиз миқдорида қайтариб берилади.

3.2. Ўқувчи қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

3.2.1. Ушбу Шартнома шартларига мувофиқ тўловларни ўз вақтида амалга ошириш;

3.2.2. Ўқув курси доирасида мустақил таълим олиш, дарсликлар бўйича пухта тайёрланиш ҳамда Ижрочи томонидан берилган барча вазифаларни ўз вақтида бажариш;

3.2.3. Платформадан фойдаланиш ҳуқуқини учинчи шахсларга ўтказмаслик ва сотмаслик;

3.2.4. Ўқиш жараёнида фойдаланилган платформа, фото ва видеоматериаллар, шунингдек бошқа интеллектуал ишланмалар ва ғояларни учинчи шахсларга тарқатмаслик ёки бошқа тарзда уларга етказмаслик;

3.2.5. Иш таклифини олиш учун Ўқувчи қуйидаги шартларни бир вақтнинг ўзида бажарган бўлиши шарт: — курсга ёзилган санадан бошлаб камида 3 (уч) ой тўлиқ ўтган бўлиши; — платформадаги барча ўқув материалларини 100 (юз) фоиз ўзлаштирган бўлиши; — курс якунида берилган амалий вазифани юқори даражада бажарган бўлиши; — «Edit Maktab Support» телеграм манзили орқали иш қидираётганлиги тўғрисида хабар берган бўлиши. Юқоридаги шартлардан камида биттаси бажарилмаган тақдирда, Ўқувчи иш таклифини олиш ҳуқуқига эга эмас.

3.3. Ижрочининг ҳуқуқлари:

3.3.1. Агар Ўқувчи курс учун тўловни тўлиқ амалга оширмаган бўлса, курсдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, вақтинча тўхтатиш ёки тўлиқ бекор қилиш;

3.3.2. Ўқувчидан Шартнома бўйича тўловларни ўз вақтида амалга оширишни талаб қилиш;

3.3.3. Ўқув жараёнини ташкил этиш, баҳолаш тизимини белгилаш ва зарур ҳолларда ўзгартириш;

3.3.4. Агар Ўқувчи ўқув материалларини ўзлаштирмаган бўлса, унга сертификат беришдан бош тортиш.

3.4. Ўқувчининг ҳуқуқлари:

3.4.1. Ўтказилган имтиҳонлар натижалари тўғрисида тўлиқ маълумот олиш;

3.4.2. Шартнома амал қилиш даврида иш вақтида (душанба-жума, соат 10:00 дан 18:00 гача) қуйидаги воситалар орқали Ижрочи билан боғланиш: а) электрон почта (editmaktab@gmail.com) — савол шошилинч бўлмаган тақдирда; б) телефон қўнғироғи ёки мессенжерлар (тел.: +998 55 518 44 22) — савол шошилинч бўлган тақдирда;

3.4.3. Ижрочи томонидан ушбу Шартнома бўйича мажбуриятларни ўз вақтида ва сифатли бажаришни талаб қилиш.

4. ЎҚУВ КУРСЛАРИНИ ОЛИБ БОРИШ ТАРТИБИ

4.1. Ўқувчи Ижрочи томонидан платформага кириш учун логин ва пароль тақдим этилган кундан бошлаб 3 (уч) ой давомида видео дарсликларни ўзлаштириб боради.

4.2. Ижрочи платформа ушбу Шартноманинг 4.1-бандида кўрсатилган муддат давомида узлуксиз ишлашини таъминлайди.

4.3. Ўқувчи логин ва пароль тақдим этилган кундан бошлаб 6 (олти) ой давомида платформага кириш ва видео дарсликларни қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга. Мазкур муддат тугагач, Ўқувчи учун платформага кириш ҳуқуқи бекор қилинади.

4.4. Ижрочи ушбу Шартнома бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарганидан сўнг хизматлар кўрсатилган деб ҳисобланади ҳамда Ўқувчи томонидан электрон тарзда қабул қилинган деб эътироф этилади.

5. ТАРАФЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

5.1. Тарафлар ушбу Шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ва ушбу Шартнома шартларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

5.2. Ўқувчи томонидан белгиланган муддатларда вазифалар топширилмаган тақдирда, уларни қайта топшириш ҳуқуқи берилмайди ҳамда Ижрочи томонидан хизматлар тўлиқ ва сифатли кўрсатилган деб ҳисобланади.

5.3. Ушбу Шартнома доирасида ўқув курси мустақил таълим шаклида ташкил этилган бўлиб, Ўқувчи томонидан ўқув материаллари етарли даражада ўзлаштирилмаганлиги учун Ижрочи жавобгар ҳисобланмайди.

5.4. Ўқувчи платформага кириш учун берилган логин ва пароль маълумотларини махфий сақлаш, шунингдек платформада жойлаштирилган фото ва видеоматериаллар ҳамда бошқа интеллектуал ишланмалардан қонуний фойдаланиш учун шахсан жавобгар ҳисобланади. Ушбу талаблар бузилган тақдирда, бу ҳолат Шартноманинг 1.3 ва 1.4-бандлари бузилган деб ҳисобланади.

5.5. Ўқувчи томонидан ушбу Шартноманинг 1.3-банди бузилган тақдирда, Ўқувчи Ижрочига 300 (уч юз) БҲМ миқдорида жарима тўлайди.

5.6. Ўқувчи томонидан ушбу Шартноманинг 1.4 ва 7.2-бандлари бузилган тақдирда, ҳар бир алоҳида ҳолат учун Ўқувчи Ижрочига 500 (беш юз) БҲМ миқдорида жарима тўлайди.

5.7. Ўқувчининг компьютери, интернет тармоғи ёки бошқа техник воситалари билан боғлиқ носозликлар сабабли ўқув курси ўзлаштирилмаган тақдирда, бу ҳолат учун Ўқувчи жавобгар ҳисобланади. Бундай ҳолатларда Ижрочи томонидан хизматлар тўлиқ ва сифатли бажарилган ҳамда Ўқувчи томонидан қабул қилинган деб ҳисобланади.

6. ФОРС-МАЖОР ҲОЛАТЛАРИ

6.1. Тарафлар ушбу Шартнома бўйича ўз мажбуриятларини қисман ёки тўлиқ бажармаганлик учун жавобгарликдан озод этиладилар, агар бундай бажарилмаслик енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолатлари, жумладан ёнғин, табиий офатлар, пандемия, уруш, ҳарбий ҳаракатлар, блокадалар ёки Тарафлар ихтиёридан ташқари бошқа ҳолатлар натижасида юзага келган бўлса. Бунда Шартномани ижро этиш муддати форс-мажор ҳолатлари амал қилган даврга мутаносиб равишда узайтирилади.

6.2. Агар форс-мажор ҳолатлари 3 (уч) ойдан ортиқ давом этса, Тарафларнинг ҳар бири Шартнома бўйича кейинги мажбуриятларни бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда ҳеч бир Тараф бошқа Тарафдан етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

6.3. Форс-мажор ҳолатлари таъсирига тушган Тараф бундай ҳолатлар юзага келганлиги, уларнинг давомийлиги ва тугаши тўғрисида бошқа Тарафни ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бундай хабар форс-мажор ҳолатлари юзага келган ёки бекор қилинган кундан бошлаб 10 (ўн) календарь кундан кечиктирилмасдан юборилиши лозим.

6.4. Форс-мажор ҳолатлари юзага келган ҳудуддаги ваколатли давлат органлари томонидан берилган расмий ҳужжатлар ушбу ҳолатларнинг мавжудлиги ва давомийлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади.

7. МАХФИЙЛИК

7.1. Тарафлар ушбу Шартнома матнини, шунингдек Шартномани тузиш ва уни бажариш жараёнида бир-бирига тақдим этилган барча маълумотларни махфий маълумотлар сифатида қабул қилишга келишадилар.

7.2. Тарафлар ушбу Шартнома тузилиши ва унинг ижроси жараёнида олинган махфий маълумотларни ошкор қилмаслик мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Ушбу мажбурият Шартнома амал қилиш даврида ҳамда у бекор қилинганидан сўнг 5 (беш) йил давомида сақланади.

8. ШАРТНОМАНИ ЎЗГАРТИРИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ

8.1. Ушбу Шартнома Тарафларнинг ўзаро ёзма келишуви асосида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида назарда тутилган бошқа ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

8.2. Ўқувчи курснинг олиб борилиши, тақдим этилаётган маълумотлар ёки ўқув курси сифати бўйича норози бўлган тақдирда, учинчи дарсга қадар ёки курс бошланган кундан эътиборан 7 (етти) календарь кун ичида ёзма равишда мурожаат қилиб, Шартномани бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

8.3. Платформада тўртинчи дарс очилганидан ёки 7 (етти) календарь кун ўтганидан сўнг Ўқувчи томонидан Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги мурожаатлар фақат Тарафларнинг ўзаро келишувига асосан кўриб чиқилади ҳамда ушбу ҳолатда Шартнома бўйича амалга оширилган тўловлар қайтарилмайди.

8.4. Ўқувчи мазкур ҳолатлар юзасидан Ижрочига нисбатан молиявий ёки бошқа даъволар қўзғатиш ҳуқуқига эга эмас.

9. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ

9.1. Ушбу Шартномани бажаришдан келиб чиқадиган барча низолар Тарафлар ўртасида музокаралар орқали ҳал этилади.

9.2. Агар Тарафлар ўртасида келишувга эришилмаса, низолар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ суд тартибида кўриб чиқилади.

10. БОШҚА ШАРТЛАР

10.1. Ушбу Шартнома Ўқувчи томонидан курс учун тўлов амалга оширилган пайтдан бошлаб кучга киради ва Тарафлар ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаргунларига қадар амал қилади.

10.2. Ушбу Шартнома оммавий оферта ҳисобланади. Унга розилик Ўқувчи томонидан тўлов амалга оширилиши орқали акцепт қилинган деб ҳисобланади. Алоҳида имзо қўйиш талаб этилмайди.

10.3. Ушбу Шартнома бўйича барча ўзгартиш ва қўшимчалар Ижрочи томонидан оммавий оферта шаклида эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киради. Ўқувчи хизматлардан фойдаланишни давом эттириш орқали мазкур ўзгартишларга розилик билдирган деб ҳисобланади.

10.4. Ушбу Шартнома электрон шаклда тузилган бўлиб, у бир хил юридик кучга эга.

10.5. Ўқувчи Шартнома шартларига розилик билдириш ва шахсини қўшимча равишда тасдиқлаш мақсадида телеграм орқали паспорт маълумотларини тақдим этиб, овозли ёки видео хабар юбориши мумкин. Мазкур хабарда Ўқувчи қуйидаги мазмунда баёнот бериши лозим: «Мен (фамилияси, исми, отасининг исми) “Edit Maktab” масъулияти чекланган жамияти томонидан тақдим этилган Шартнома шартларига розилик билдираман». Бундай материаллар Шартнома шартлари қабул қилинганлигини тасдиқловчи қўшимча далил ҳисобланади. Ушбу ҳаракатлар амалга оширилмаган тақдирда ҳам, Шартнома 10.1 ва 10.3-бандларга мувофиқ кучга кирган деб ҳисобланади.

«Edit Maktab» МЧЖ

Манзил: Тошкент шаҳри, Шайхонтохур тумани, Тахтапул МФЙ, Кичик ҳалқа йўли кўчаси

х/р: 20208000707242002001 · Банк: «Orient Finans» XATB · МФО: 01071 · СТИР: 309875692

Директор: Султонов Азизбек Улуғбек ўғли

☝️ Shartnoma matnini oxirigacha o'qib chiqishingizni so'raymiz

Pasportning asosiy sahifasi yoki ID-karta (old tomoni). Maks. 10 MB

Barmoq yoki sichqoncha bilan shu maydonga imzo chizing

Shartnoma imzolandi!

Ma'lumotlaringiz muvaffaqiyatli qabul qilindi.

📄 Shartnomani yuklab olish (PDF)

Sana va imzoingiz yozilgan shartnoma nusxasi